Шом шаҳрига сафарлари
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўн икки ёшга етганларида амакилари Абу Толиб тижорат карвони билан Шомга сафар қилар экан у зотни ҳам ўзи билан бирга олиб кетди. Карвон Бусро номли жойга келиб, қўнганида, Инжилни яхши биладиган Буҳайро исмли роҳибнинг олдидан ўтиб қолишди. Шунда роҳибнинг кўзи Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва салламга тушиши билан у кишига диққат билан қарай бошлади, озгина гапга солиб кўриб, сўнг Абу Толибга қараб: "Ким бу бола", деди. "Ўғлим", деб жавоб берди. (Абу Толиб у зотни яхши кўрганлигидан "ўғлим", деб чақирар эди). Шунда Буҳайро: "У сенинг ўғлинг эмас. Бу боланинг отаси тирик бўлмаслиги керак", деган эди, Абу Толиб: "Тўғри, у акамнинг ўғли", деди. Роҳиб: "Отасига нима бўлган?", деб сўради У: "Аёли Омина Муҳаммадга ҳомиладор пайтида вафот этган", деди. Роҳиб: "Тўғри айтдинг, энди бу болани ўз шаҳрига қайтар ва уни яҳудлардан эҳтиёт қил. Қасам ичиб айтаманки, агар улар бу ерда уни кўриб қолишса, албатта унга бир ёмонлик етказишади. Акангнинг ўғли билан келажакда буюк бир иш юз беради. Уни тезроқ Маккага қайтаргин эй Абу Толиб!", деди.
Уҳуд ғазоти
Бу жанг бўлишига сабаб, Курайш катталиридан Бадр ғазотида ўлмай қолганлари мусулмонлардан ўч олишга ва кучли лашкар тайёрлаш учун Абу Суфённинг карвонидан молиявий ёрдам сўрашга кслишдилар. Қурайшнинг барчаси ва атрофдаги қабилалар ҳам бу фикрга қўшилишди. Эркаклар мусулмонлар қаршисига борганда қўрқоқлик қилиб қочиб кетишдан уялишлари учун бир қанча аёлларни ҳам олдилар. Маккадан қарийб уч минг жангчи бўлиб чикдилар.